ангиз жойидами, ака, унга нима дейман?
Лазиз яна укасининг елкасига қўл ташлади.
– Биласан-ку, у Носир тоғамизнинг энг яқин дўсти бўлган. Ўзингни таништир. Маслаҳат сўра.
Латиф тараддудланиб қолди. Чўкаётган чўпга ҳам ёпишади-да, деганларидек, у ҳам бир илинж, бир нажот ахтарарди.
– Бўпти, кўрамиз, – дея тўнғиллади у яна йўлидан давом этаркан.
Лазиз унинг ортидан қичқириб қолди.
– Кейин менга қўнғироқ қил, хўп? Кутаман-а.
Ука ортига қарамади.
* * *
Тунда содир бўлган воқеа Шербек Узоқовнинг қотиллик билан боғлиқ илк жиддий иши эди. Шунинг учун ёш изқувар бироз ҳадик ва ҳаяжон билан ҳаракат қиларди. Бор билимини, иқтидорини ишга соларди. Эрталаб унга яна омад кулиб боқди. Шербек қотиллик содир бўлган хонадонни обдон, пухта кўздан кечираркан, олишув пайти диван остига юмалаб кетган диктофонни топиб олди. Шербек топилдиқни авайлабгина чарм папкасига солдию, воқеа жойидан хуш кайфият билан қайтди. Галдаги вазифа Бешпанжа кўчасидаги 17-уйга бориш эди. Ёш изқувар тун бўйи югуриб-елиб хийла толиққан бўлса-да, ишни пайсалга солмаслик учун дарҳол йўлга чиқди.
Шаҳарда янги кун бошланган. Кўчалар серқатнов, сершовқин. Йўлаклар, бекатлар одамлар билан гавжум.
Шербек кўзлаган манзилини қийналиб топиб келди. Бўёқлари унниқиб кетган, кўримсизгина дарвоза ёнида оёқ илди. Уст-бошини бироз тартибга олгач, теваракка енгил бир кўз ташладию, дарвоза қўнғироғини босди. Кўп ўтмай, ичкаридан қадам товушлари эшитилиб, бироздан сўнг, юз-кўзларида ҳорғинлик, маъюслик акс этган аёл эшикни қия очди. Бу ҳозиргина тунги навбатчиликдан қайтган, темир йўл вокзали ходимаси Розия эди.
– Кечирасиз. – деди Шербек енгил салом-алик қилгач, – Мавлонов Абдуғанининг уйи шуми?
– Ҳа, шу, – деди Розия ҳорғин бир товушда.
Ёш изқувар хизмат гувоҳномасини кўрсатди.
– Кирсам бўладими?
Розия тундлик билан индамай Шербекни ичкарига бошлади.
Айни пайтда Латиф Абрай лочиннинг шинам, серҳашам меҳмонхонасида қунишибгина ўтирарди. Ўртада нозу неъматларга тўла дастурхон ёзилган хонтахта. Абрай лочин ёстиққа ёнбошлаган кўйи йигитнинг дард-ҳасратини мудраб тинглар экан, уйқусизликдан қизарган кўзлари баттар қизариб кетгандай бўлди.
– Менга қара, оғайни, – деди у бир сўлиш оларкан, – Носирбекнинг жияни эканингни эшитиб ич-ичимдан қувонгандим. Лекин машмашангни эшитиб ҳафсалам пир бўлди. Тоғангга тортмабсан, ўв, бола. Жуда-жуда хафа қилдинг мени. Ўша исқирт ўйнашларни ўзинг чавақлаб ташлашинг керак эди. Раз воқеа бунақа бўлибдими, демак икковингни ҳам мен ўлдирдим, деб мелисахонага ўзинг кириб боришинг керак эди. Ор-номусли эркаклар шундай қилади, жиян, тушундингми?
– Тушундим, – деб аранг ғудранди Латиф.
Абрай лочин пиёладаги чойдан босиб-босиб ҳўплади:
– Хотинингни қинғир юришини илгари ҳеч сезмаганмидинг?
– Йўқ, – деб юборди Латиф шоша-пиша, товуши алланечук илтижоли, шикаста чиқди. – Ўлай агар илгари пайқаганим йўқ.
Абрай лочин истеҳзоли илжайиб бош чайқади.
– Ёлғон, ўз аёлининг қинғир қадами тугул, қинғир хаёлини сезмаган эркак эркакмас! Сен бир умр ўз-ўзингни алдаб келгансан, сўтак.
Латиф гўё аччиқ ҳақиқатни тан олаётгандек, ердан кўз узмай, терга ботган кўйи жим қотди.
– Сен бола, – деди қиморбоз қўлини бигиз қилиб, – ё хотинингдан, ё ўша эркакдан тилинг қисиқ.
– Йўқ, ёлғон, йўқ, ҳаммаси тасодиф.
– Энди яхшиликча туёғингни шиқиллатиб қол. Сенсиз ҳам ташвишларим ошиб-тошиб ётибди.
Шу чоғ хонтахта устида ётган мобил телефон жиринглаб қолди. Латиф орқасига тисарила-тисарила, тавозеълар билан хонадан чиқиб кетди.
Аммо айни чоғда Шербек ҳануз Бешпанжа кўчасидаги 17-уйда эди. У Розия билан гаплашиб ўтирарди.
– Хуллас, – деди ёш изқувар чуқур тин олиб, – шунақа гаплар, Розияхон. Ўша эркак сизнинг эрингиз, – Мавлонов Абдуғани экан.
Розия кўзларини бир нуқтага тикиб, худди эси оғиб қолгандай нафрат билан пичирлади:
– Итга ит ўлими. Охири, қарғишларим бошини ебди-да.
– Нега, эрингизни шунчалар ёмон кўрармидингиз? – деб сўради изқувар Узоқов эҳтиёткорлик билан.
Розия аввал товушсиз, сўнг ҳиқ-ҳиқ йиғлай бошлади. Шербек ўнғайсизланиб ўрнидан қўзғалди.
– Узр, Розияхон, билмай ярангизни тирнаб қўйдим шекилли. Лекин барибир баъзи бир расмиятчиликларни қи