Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврлари соф давр эди, одамларнинг фикри ҳам соф эди, чунки уларнинг муаллимлари ҳазрати Пайғамбар алайҳиссалом эдилар, у зот улар билан замондош эдилар, уларга динимизни ўргатаётган эдилар. Бугун эса у даврнинг урфи билан бизнинг урф орасида катта фарқ бор. Тўғри, баъзан ўша даврда ҳам бир вақтнинг ўзида бир нечта совчилар келиб қолган ҳолатлар бўлган, лекин улар келиб, Пайғамбар алайҳиссаломдан маслаҳат сўрашган.
Имом Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда Фотима бинт Қайс розияллоҳу анҳога совчилар келиши воқеаси келтирилади. Фотима бинт Қайс қурайшлик зодагон саҳобия эдилар. У кишига бир вақтнинг ўзида учта саҳобадан – Жуайл ибн Ҳузомадан, Муовиядан ва Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳумодан совчи келган. Шунда Фотима бинт Қайс келиб, Пайғамбаримизга маслаҳат солганлар, «Эй Аллоҳнинг Расули! Мана шундай аҳвол бўлди. Қай бирига ижобат қилай?» деб сўраганлар. Пайғамбар алайҳиссалом ўйлаб туриб, борини айтганлар: «Муовия камбағал одам, мол-мулки йўқ. Ибн Ҳузома эса асоси елкасидан тушмайдиган одам (яъни кўп сафар қилади). Сен Усома ибн Зайдга теккин», деганлар.
Усома ибн Зайдни барчамиз биламиз, бу зот ҳазрати Ибн Зайднинг мавлолари, Расулуллоҳнинг муҳиблари, яъни энг яхши кўрган саҳобалари. Усома ҳазрати Зайднинг ўғилларидир. Зайднинг Зайнаб бинти Жаҳш онамизга уйланганлари, кейин улар ажрашгани, сўнг Аллоҳнинг амри билан Зайнаб бинти Жаҳш онамизга Пайғамбар алайҳиссалом уйланганларини тарихдан, сийрат китобларида ўқиганмиз.
Ҳазрати Пайғамбар алайҳиссалом ўзларига доялик қилган қора танли ҳабашия аёл – Умму Айманни Зайдга никоҳлаб берганлар. Усома ҳазрати Зайднинг ана шу аёлларидан туғилган ўғлидир. Усома отасига тортиб, оқ танли эмас, онасига тортиб, қора танли бўлган. Бу саҳоба илгари қул бўлган, Ислом туфайли ҳур бўлган эди, аммо зодагон қурайшия аёл билан турмуш қурган, Пайғамбар алайҳиссалом уларнинг никоҳига ўзлари бош-қош бўлганлар. Шунингдек, ҳазрати Билол ҳам Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳунинг синглисига уйланганлар. У даврда ҳолат бутунлай бошқача эди, одамларнинг софлиги, тарбияси, таълими бошқача эди. Ана ўша даврнинг, ўша минтақанинг, иқлим ва бошқа шарт-шароитлардан келиб чиқиб, яна Аллоҳ таолонинг биз билган-билмаган кўплаб ҳикматларига биноан ҳазрати Пайғамбар алайҳиссалом тўққиз ёшли Оиша онамизга уйланганлар.
Шу боис, биздаги шароит, иқлим, минтақа ва бошқа жиҳатлардан келиб чиқиб, қиз болани балоғатга етган заҳоти турмушга узатилавермайди.
Давоми бор......
Дўстларингизга ҳам улашинг!
👇👇👇👇
@NURZIYO_UZ
@NURZIYO_UZ
https://t.me/+WWrDBxqtA2YzOWZi