Эркакнинг биринчи турмуши ўхшамади. Тўғрироғи, аёли унинг феълига бардош бера олмади. Жаҳлдор, қўрс эди эркак. Баҳора эрка ўсганди. Орада фарзанд бор эди, аммо аёл ортиқ бундай яшаб бўлмайди деб ҳисоблади. Кетди. Кўринган одамга собиқ эрини ёмонлаб чиқди. Гап кўпайди. Эркак ғурурини енгиб ортидан бормади.
Икки йил унга бунга оғиз солиб кўрди, ҳеч ким сира қовоғи очилмайдиган бадфеъл инсон билан яшашни истамади.
Учинчи йил Мухторнинг аммаси шаҳардан бир қиз топди." Ёши ўтиб қолган, бахти очилмаган қиз экан,— деди.
Шаҳарлик қиз қишлоққа келармиди? Хотин қўйган эркакка тегармиди? Теккани билан қишлоқ шароитига кўнармиди?
Агар тақдир бўлиб турган бўлса, шаҳарлик қиз қишлоққа келаркан. Осмон никоҳи ерга тушса, қиз бола хотин қўйган эркакка тегаркан. Агар оилани муқаддас билса, қишлоқ шароитига кўнаркан.
Бибисора Мухторнинг тор кулбасини нурга тўлдирди. У чин солиҳа эди. Турмуш ўртоғига муҳаббатли бўлди.Эрининг қаҳрини келтирмасликка, жаҳлини чиқармасликка интилди. Оғзини пойлаб, кўзига термулиб, чизган чизиғидан чиқмади. Унга меҳр-муҳаббат ҳадя этди, қаддини кўтарди.
Бибисора Мухторнинг уйини фарзандларга тўлдирди, уларга илм ўргатди. У чин олима эди. Ўғилларининг каттаси мактабга чиқиб, ҳам аъло баҳоларга ўқий бошлади. Фарзандлари отасига итоатли бўлдилар.
Бибисора уйнинг сирини кўчага чиқармади. У фозила аёл эди. Борига ҳам кўнди, йўғига ҳам. Эрига қанот бўлди. Қишлоқ аёлларига кўйлак тикди. Тўйларга патир ёпди. Болаларини ёнига олиб меҳнат қилди. Уйидан бир қадам чиқмай пул топди.
Баҳора ҳам турмушга чиқди. Фарзандсизликдан ажрашган эркакка. Баҳора ҳам Қаҳрамонга кетма-кет иккита ўғил туғиб берди, аммо негадир ўз ўғлини ота-онасиникига олиб бориб қўйди.
Ўша куни ёмғир ёққанди. Тушга яқин дарвозани биров озорсиз тақиллата бошлади. Қўлини, боғлаб бўйнига осиб олган Баҳора бир қўллаб эшикни очди. Остонада одмигина, аммо ярашиқли кийинган, оппоққина, бодомқовоқ аёл жилмайиб турарди.
Баҳора танимаган бу аёл Бибисора эди.
Дастурхон ёзгани қўймади аёл. Тез кетишини маълум қилди. Аммо юракдан самимий сўзлашди.
— Айланай сиздан, мани адаси жўнатдилар, хўп десангиз, рози бўлсангиз, катта ўғлингизни бобо-бувисининг қўлидан олсак, ўз укалари билан катта бўлса,-деди.
Баҳора "Дод! " деб йиғлаб юборди. Ўғли шундоқ ҳам ҳовли талашиб, бир-бирининг ёқасидан олишгача борган акаларининг уйида, касалманд, қари чол-кампирнинг қўлида сиғиндидек яшаётган эди.
Бу аёлнинг юзларидан тўғрилик ёғиларди. Негадир, Баҳора унга ишонди, бир оғиз гапига кўнди.
Аёл кетишга чоғланди.
—Опа, деди, Баҳора, эшитдим, бахтли экансиз. Менинг битта армоним бор. Бибисора уни диққат билан эшитаётганини кўриб давом этди
—Ўшанда Мухторнинг уйидан чиқиб кетмасам бўларкан,
Мухторнинг уйида ўлиб кетганимда ҳам армоним йўқ эди. Аёл ўтган куни эри уриб синдирган қўли билан кўз ёшини артмоқ истади, аммо у қўллар энди бўйнига боғланган эди.
—Сабр қилсам бўларкан, опа!
Бибисора Баҳоранинг елкасидан қучиб хайрлашди.
Ўша куни байрам бўлди. Ош дамланди. Кечга ишдан қайтган Мухтор икки томчи сувдек ўзига ўхшаган 9-10 ёшлардаги болакайни кўриб шошиб қолди. Бибисора бўлса,
—Мақсуджон келди, дадаси, ўғлингиз сизни кўргани кепти—деди, сўнг боланинг қулоғига
—Чоп, даданг, билан кўриш, ўғлим,-деди.
Болакай аввалига тортиниб турди, кейин бирдан отаси томонга югуриб кетди.
—Ўғлим! Мухтор бошқа гапира олмади. Боласини маҳкам қучоқлаб олди. Ўғлини бир кўтариб ерга қўйгач, Бибисорага тикилди. Кўзи жиққа ёш эди аёлнинг. Эркак эса кўз ёшини яширишга уринди.
Ийманиб ўтирган Мақсуджонни катта-катта ейишга чорлаётган Бибисоранинг овозини кичкинтой Зуфар бузди.
—Ака, сиз мен билан ётасиза?
—Нега энди, менинг ёнимда ётадилар,-аралашди Зафар.
—Мақсуджон иккингизни ўртангизда ётади, мана шу супага жой солиб бераман, акангиз иккингизни қўриқлаб ётади, —деди Бибисора.
Мухтор гапга аралашмади. Ахир бу қарорни дунёдаги энг солиҳа аёл қабул қилган эди.
Феруза Салходжаева
•┈┈┈┈•❈••✾••❈•┈┈┈┈•
Яқинларга ҳам улашинг
https://telegram.me/joinchat/EBkeNT8wOXpAsSelKCAtIA