Бу ёшида ҳам инсон ўзгарса бўлар экан. Оҳирги бир ой ичида шунчалик ўзгардимки, ўзим ҳам ҳайронман. Болаларнинг оддий қилиқларига йиғлайдиган бўлиб қолганман. Негадир инсонлар ўлими таъсирлантирмаяпти мени.
Истанбулга келган куним Лайло гапириб қолди.
- Қўшнимиз Гултеканбейнинг ёшгина жияни вафот этибди.
- Аллоҳ раҳмат қилсин.
Авваллари бундай ҳабарни эшитсам сакраб туриб кетардим. Ёшгина эдику. Кечагина ўйнаб кулиб юрган эди дер эдим.
Зилзила туфайли минглаб ўлимларга гувоҳ бўлдим. Шу инсонлар ҳам кечагина ўйнаб кулиб юрган эди.
Кайфиятим бутунлай тушиб кетган. Гўёки, туш кўраётгандекман.
Эшик жиринглади. Бориб очдим. Қўшнимиз экан.
Биз истиқомат қиладиган даҳада ўзбеклар кам. Биттагина шу ўзбек қўшним Турсуной бор. Борди, келди қиламиз. Оиласи ўзига тўқ. Иккита фарзанди бор. Турсунойнинг кайфияти меникидан ҳам баттар ҳолда экан. Асабийлашиб қўлларини ғижимлаб ўтирди.
- Нима бўлди? Нега кайфиятингиз йўқ?
- Ээ, опа. Ўлар бўлсам ўлиб бўлдим. Кичкинам инжиқ, биласиз. Зўрға ухлатдим. Каттасини ёнига овқат қўйсам, бир соатда ҳам емабди. Хали дарсларини қилдиришим керак эди. Гиламга чой тўкибди. Ўзимни тута олмадим. Боламни уриб ташладим. Кейин қўлимни деворга урибман. Қаранг, шишиб кетди.
- Болани нега урасиз? Овқат емаса уриш керакми?
- Опа, қилиқларига чидолмаяпманда.
- Биласизми, аёлларга қўл кўтарган эркаклардан, болаларни урган аёллардан нафратланаман. Ўзидан ожиз инсонни хўрлаш гуноҳ бўлади. Болаларимизнинг борлиги ўзи баҳт эмасми? Қўяверинг, инжиқлик қилсин. Овқат емасин. Дарс қилмасин. Уриб эмас, ширин сўз билан тарбия қилса бўладику.
Турсуной бошини эгиб ўтирибди. Қаттиқ гапириб юбордим, шекилли. Сув қуйиб узатдим.
- Кечиринг, сизни ҳафа қилмоқчи эмас эдим. Битта воқеани айтиб бераман сизга.
- Чодирда яшаётган кунларимиз. Биз пиширган палов талаш бўлиб кетади. Ўша куни ҳам шундай бўлди. Ўзимизга ҳам ош етмай қолди. Оҳирги ошни бир аёлга сузиб бердим. Аёл ошга тикилиб ўтирди. Лекин емади. Бир дақиқа ўтиб, ҳомиладор, яна ёнида уч ёшлардаги боласини еталаб олган лўли аёл келди.
- Ош тугаб қолди. Эртароқ келмабсизда. Ҳоҳласангиз ейишга бошқа нарса берай.
- Неча кундан бери болам овқат емаётган эди. Кеча сизнинг паловингизни еди. Ўшанинг учун келган эдим. Майли, насиб эмас эканда.
Ёнидаги ошга тикилиб ўтирган аёл гапга аралашди. Боланинг қўлидан тутиб ёнига ўтирғизди.
- Кел, болам. Сенга ўзим едириб қўяман.
Бола иштаҳа билан ошни еб олди. Лўли аёл қайта қайта раҳмат айтганча боласини олиб кетди. Аёлга чой олиб келдим. Ёнига ўтирдим.
- Ўзингиз оч қолдингиз.
- Хеч нима ўтмаяпти томоғимдан. Бироз чалғисам деб келган эдим.
- Уйингиз қаерда эди?
- Шу маҳаллада эди. Бу шаҳарнинг энг баҳтли оилаларидан эдик. Иккита ўғлим бор эди. Иккинчи фарзандимни амалиёт билан дунёга келтирдим. Бошқа она бўла олмасамда, ҳафа бўлмадим. Аҳир иккита ўғлим бор. Эрим дунёнинг энг яхши эркаги эди. Уй сотиб олган кунимизни эслайман. Байрам бўлиб кетган эди. Уйимга шунчалик меҳр қўйдимки, сўраманг опа. Ҳамма нарса жой жойида. Ўша куни ҳам катта тозалик қилдим. Уйлар чиннидек бўлди. Жуда чарчаган эдим. Эрим болаларни олиб келди. Ўғилларим чанг оёқ кийими билан гилам устига чиқиб кетишди. Қоним қайнади. Ғазабимни тутолмадим. Болаларга бир икки тарсаки туширдим. Эрим орага тушди.
- Нега урасан? Болалар ҳам чарчаб келди. Ундан кўра овқат берсангчи. Қорнимиз очиб кетди.
- Овқат қилмадим. Уй тозаладим. Кўрмаяпсизми? Мен ҳам одамман. Қул эмасман.
Жаҳл қилиб ётоққа кириб кетдим. Эрим чақирса ҳам чиқмадим. Ошхонада нималардир қилди эрим. Болаларга нима едирганини билмайман. Агар, ҳамма ёқни ёйиб ташлаган бўлса адабини бераман Хеч кимни адабини беришга улгурмадим, опа. Аллоҳ мени адабимни бериб қўйди. Энди ўша мен меҳр берган уйим ҳам йўқ. Гиламни кир қиладиган болаларим ҳам йўқ. Мендан овқат сўрайдиган эрим ҳам. Болаларимга оҳирги маротаба овқат едиролмадим. Эримни рози қилолмадим.
Биз билан бирга бўлинг👇
https://telegram.me/joinchat/EBkeNT8wOXpAsSelKCAtIA