ОНАНГИЗНИ КЎРГАНИ БОРИНГ
Ҳеч битганми бу дунё иши,
Қайноқ ёзи, қаҳратон қиши,
Кутиб турар бўлак иш, киши,
Онангизни кўргани боринг.
Улфатлар кўп амалда, шодда,
Дўст ҳам биров қолсангиз додда,
Сизни ҳар дам суйгувчи содда,
Онангизни кўргани боринг.
Сўниб борар сездирмай секин,
Миннат қилмас меҳри мўл, текин,
Сиз ишлисиз, биламан, лекин,
Онангизни кўргани боринг.
У саховат, ҳеч синмас сабр,
Кулиб турар, чексада жабр,
Қучиб олинг қучмасдан қабр,
Онангизни кўргани боринг.
Юрманг йиғлаб армонда қолиб,
Кутар сизни кўзга чўп солиб,
Тушиб бозор бир жуфт нон олиб,
Онангизни кўргани боринг.
Фарзанд бўлиб меҳрингиз жўша,
Меҳрингизга хуш сўзлар қўша,
Сизни бунга келтирган ўша,
Онангизни кўргани боринг.
Тўлмас тешик рўзғорнинг ками,
Хар бошда бор кун кўрмоқ ғами,
Бетоб бўлса, бўлиб малҳами,
Онангизни кўргани боринг.
Show more ...